Зарбдор туманидаги қабристонда фуқаро 19 туп дарахтни ноқонуний равишда кесиб ташлаб, ўсимлик дунёсига 435 млн 750 минг сўм зарар етказди. Навоийда эса 4 туп дарахт кесган шахсдан 52,5 млн сўм ундирилди.
Янгийўл туманида икки фуқаро 4 туп шумтол дарахтини ноқонуний равишда кесиб ташлади. Улар бу орқали табиатга 412 млн сўм зарар етказгани аниқланди. Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар прокуратурага юборилди.
Тойлоқ туманида фуқаро ўзи яшайдиган маҳалладаги чинор дарахтини ноқонуний равишда кесиб ташлади. Оқибатда табиатга 115 125 000 сўм зарар етказди. Бу ишда жиноят аломатлари борлиги сабабли тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди.
Самарқанднинг Пахтачи туманида маҳалласидаги бир туп терак дарахтини ўзбошимчалик билан кесиб ташлаган фуқаро 8,5 млн сўм жарима ва 680 минг зарарни тўлайдиган бўлди.
Сергели туманида фуқаро 1 туп можжевельник (арча) кесгани аниқланди. Оқибатда табиатга 8,8 млн сўм зарар етган. Ҳуқуқбузар жами 17 млн 340 минг сўм товон тўлаши белгиланди. Компенсация тарзида эса 100 туп кўчат экиш мажбурияти юклатилди.
Сайхунобод туманида 21 туп қайрағоч дарахтини кесиб, уларни сотган уч киши 2 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Қолаверса, 1 млрд сўмдан ортиқ зарар ундириши белгиланди.
Нарпай туманида 7 туп ҳар хил турдаги мевали дарахтларни ноқонуний тарзда кесиб ташлаган фуқаро 11 млн 730 минг сўм миқдорида жаримага тортилди.
Юнусобод туманида тунда экскаватор ёрдамида бир туп дарахтни қўпориб олган икки шахсга суд ҳукми ўқилди. Уларга 5 сутка қамоқ ва жарима жазоси тайинланди, 27,8 млн сўм зарар ундириб олинди.
Ўрта Чирчиқ туманида 5 нафар шахс 5 туп чинор дарахтини кесиб, бозорда сотмоқчи бўлгани аниқланди. Суд уларнинг икки нафарига 2 йил, уч нафарига эса 1 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Фарғона шаҳрида ер майдонидаги теракларни кестирмоқчи бўлган аёл ва ернинг собиқ эгаси ўртасида жанжал келиб чиқди. Оқибатда эркак тош билан уриши оқибатида аёл жароҳат олиб, шифохонада вафот этди. Эркак қамоққа олинди.
Пойтахтда мораторий талабларига тўлиқ риоя этилмаётгани ва дарахт кесиш ҳолатлари давом этаётгани сабаб Экология вазирлиги Тошкент шаҳар экология бошқармаси раҳбар ва ходимларига хизмат текшируви тайинлади. Шунингдек, 1 февралгача бошқарма ваколатлари чекланди.
Сенатда маъқулланган қонунга кўра, дарахтларни ноқонуний кесган фуқаролар 8,5 миллион сўмдан 25,5 миллион сўмгача, мансабдорлар эса 17 миллион сўмдан 34 миллион сўмгача жарима ёки 15 суткалик қамоқ жазоси билан жазоланади. 1 туп дарахт кесган шахс унинг ўрнига 100 туп дарахт экиши белгиланмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг